Рет қаралды 24,438
Қуръондан энг биринчи нозил бўлган оят ҳақида
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг келиши энг аввал ўнгидан келувчи тушлар орқали бўлган. Кўрган тушлари худди тонг ёришишидек бўлиб кўринарди. Сўнг у кишига ёлғизлик чиройли кўрсатилди. У киши Ҳиро ғорига борар ва бир неча кун ибодат қилардилар. Озуқаларини ҳам олардилар. Озиқлари тугаса, Хадичанинг олдига келиб яна олиб кетардилар. Охири шу ерда у кишига ҳақ келди. Бир фаришта келиб: «Ўқи» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мен ўқишни билмайман» дедим. Кейин фаришта мени ушлаб қисди, ҳаттоки қийналдим, сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи», деди. Мен яна: «Мен ўқишни билмайман» дедим. У яна мени иккинчи марта қаттиқ сиқди, ҳаттоки қийналиб кетдим, сўнг қўйиб юбориб: «Ўқи», деди. Мен яна: «Ўқишни билмайман» дедим. У мени ушлаб учинчи марта сиқди, ҳаттоки қийналиб кетдим, сўнг қўйиб юборди ва: «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни лахта қондан яратган, ўқи, сенинг Роббинг карамлидир, У қалам билан таълим бергандир». (Алақ 1-5) оятларини ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларида қўрқув билан Хадичанинг олдига қайтиб келиб: «Мени ўраб қўйинглар», дедилар. У кишини ўраб қўйишди. Пайғамбаримиздан қўрқув кетди. Сўнг Хадичага: «Менга нима бўлди?» деб бўлган воқеани айтиб бердилар ва: «Менга бирор нарса бўлишидан қўрқяпман», дедилар. Шунда Хадича у кишига: «Йўқ, сиз хурсанд бўлинг, Аллоҳга қасамки, У сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймайди. Сиз қариндошлик ришталарини боғлайсиз, ростгўйсиз, ёрдам берасиз, меҳмонни ҳурмат қиласиз ва етимларнинг бошини силайсиз», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Қуръондан нозил бўлган энг аввалги оят «Яратган Роббинг номи билан ўқи » оятидир».
Бизни интернет тармокларида кузатиб боринг:
Instagram:
/ mufidtv
Telegram:
t.me/mufidtv
KZbin:
bit.ly/2GkED7G