Рет қаралды 1,348
"Мозийдан садо" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Зиёратгоҳ қабр атрофида юзага келган яна бир диққатга сазовор ёдгорлик бинолари мажмуаси XV-XIX асрларга оид Шайхонтоҳур (Шайх Хованди Тоҳур) мажмуасидир. Мажмуа тасаввуфга оид кўплаб асарлар муаллифи, 756/1355 йилда вафот этган тошкентлик шайх қабри атрофида юзага келди.
ХV-асрнинг иккинчи ярмида Хожа Аҳрор Валий Шайх Хованд Тоҳур қабрлари устига икки бўлимдан иборат мақбара қурдиради. Дарвоқе, Хожа Аҳрор Валийнинг оналари Хожа Довуднинг қизлари эди. Хожа Довуд эса Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғиллари эди. Аммо мазкур мақбара замонлар ўтиши билан путурдан кетиб, нураб бизгача етиб келмаган. Ҳозирги мақбара эса эски мақбаранинг тархи ва лойихаси асосида XIX-асрда қайтадан қуриб тикланган. Мақбара ўзининг кўриниши ва ҳажми жиҳатидан кичик ҳамда камтарона безакка эга. У ҳам икки бўлимдан иборат бўлиб усти гумбаз билан қопланган. Мақбаранинг чап томонидаги тош қотиб қолган сарв дарахти бу ер дастлаб усти очиқ қабр бўлганлигидан далолат беради.
Гўрхона ичига Хованд Тоҳурдан бошқа - ул зотнинг илоҳиёт ва тариқат илмидан сабоқ олиб, етук каромат соҳиби бўлиб етишган, Довуд исмли ўғиллари, 1810 йили вафот этган Тoшкент ҳокими Юнусхўжа ва унинг ўғли Тoшкент ҳокими Султонхўжаларнинг ҳам қабрлари жойлашган. Шайх дафн этилган мозор тез орада зиёратгоҳга, мақбара атрофида эса аста-секин янги-янги сағана ва қабрлар пайдо бўлиб, шаҳарнинг энг катта ва муқаддас қабристонига айланди. Шаҳардаги нуфузли кишиларнинг жасадларини мазкур қабристонга қўйиш одат тусига кирган. Бу қабристондан ўрин олган марҳум ва марҳумалар юксак даражада эъзозланган. Жумладан, Тошкентга бостириб келган рус босқинчиларига қарши бўлган, жангда маҳаллий қўшинларга қўмондонлик қилган ва 1865 йилнинг 9-майида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Султон Сайиднинг лашкарбошиси Алимқул ўлими олдидан илтимосига кўра Шайхонтоҳурга дафн этилади.
Мақбара 1980 йилда қисман, мустақиллик йилларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан тўлиқ таъмирдан чиқарилган.