Рет қаралды 92,313
11 ноябрь куни, жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида қийноққа солиниб, вафот этган фуқарога алоқадор иш бўйича очиқ суд бошланди.
Олий суд хабарига кўра, судланувчилар Д. Ҳамралиев (1994 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), Қ. Қодиров (1992 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), Э. Райимжонов (1990 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), Ф. Ҳусанбоев (1995 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), П. Мамажонов (1983 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган), А. Тўрақуловга (1983 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси вазифасида ишлаган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Ушбу жиноят иши Олий суд судьяси О. Арабов раислигида ҳамда судьялар З. Файзиев ва Ш. Ражабовдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.
Судланувчилар Д. Ҳамралиев, Қ. Қодиров, Э. Райимжонов, Ф. Ҳусанбоев, П. Мамажонов Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “б” банди, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисмида, А. Тўрақулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро тан жароҳатлари билан келиб тушган.
ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувдаги ариза юзасидан фуқарони ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Фуқаро соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган. Жабрланувчига шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан у 11 июнь куни вафот этган.