Рет қаралды 65,947
Муҳаммад Солиҳ: “Ўзбекистондаги диктатура одамларимни, сафдошларимни, тарафдорларимни қамоқларга отмоқда!” - деб дунёга жар солишни, махсус матбуот анжуманлари ўтказишни билади.
Лекин шу одамларини, шу сафдошларини, шу тарафдорларини авайлаб-асрашни, улар қамалиб қолмаслиги учун тилини тийишни, мақтанчоқ ва шуҳратпараст нафсини жиловлашни билмайди.
Ўтган кўрсатувларда мен Муҳаммад Солиҳ диктатор Ислом Каримовннг сиёсий эгизаги эканлигини кўп такрорладим. Лекин мана шу икки золим ўртасида бир жиддий фарқ бор.
Ислом Каримов йиллар давомида ўзининг сафдошларини миллиардерга айлантирди. Муҳаммад Солиҳ эса йиллар давомида ўз сафдошларини қашшоқ маҳбус ва маҳкумларга айлантирди.
Кўряпсизми, ўзининг бандаларига, шу жумладан ўзбекларга чексиз меҳрибон бўлган Аллоҳ Таоло устимизга икки диктатордан яхшироғини, яъни Ислом Каримовни ҳукмдор қилган. Чунки Роббимиз устимизга Муҳаммад Солиҳ келса, аҳволимиз Каримов давридагидан баттароқ бўлишини яхши билган ва билади.
Бугун Хидирназар Аллақулов, Санжарали Имомов, Алексей Гаршин ва мухолиф кайфиятдаги бошқа кўплаб кишилар Ўзбекистоннинг ичида туриб, амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни аямай танқид қилиб ётишибди. ДХХ, Ички ишлар вазирлиги, ҳокимият ва маҳаллалар бундай кишиларга қарши қора тағибот олиб бораётгани билан, уларни калтаклатиш ёки ўлдириш учун каллакесарлар ёлланмаяпти.
Тасаввур қилинг: Ўзбекистон президенти курсисида Шавкат Мирзиёев эмас, Муҳаммад Солиҳ ўтирибди. Муҳаммад Солиҳ бу мақомда бундай танқидларга, сизнингча, қандай реакция қилар эди? Менимча, Муҳаммад Солиҳ бундай танқидчиларни дарҳол қамоққа тиқиб, қийноққа солишни буюрган бўлар эди.
Агар тошкентлик мактаб директори айтганидек, президент Шавкат Мирзиёев бу йилги сайловдан кейин диндорлар ва мухолифатчиларни ёппасига қамашни бошламаса, золим Ислом Каримов ва унинг сиёсий эгизаги Муҳаммад Солиҳдан ана шу устунлигини сақлаб қолади.
Агар Шавкат Мирзиёев ДХХдаги маслаҳатчиларига қулоқ солиб, президентлик сайловидан кейин сиёсий қатағонларни бошласа, унинг Ислом Каримовдан ва Муҳаммад Солиҳдан фарқи қолмайди.
Ҳурматли томошабинлар!
“Мана шу чиқишим Муҳаммад Солиҳга бағишланган кўрсатувларимнинг охиргиси бўлади”, деб режалаштириб келаётган эдим. Лекин кеча, ушбу кўрсатувни тайёрлаётган пайтимда золим Муҳаммад Солиҳнинг тарафдорлари ўзларининг “Ўғри Комсорг” канали ва саҳифасида яна бир ҳақоратли мақола эълон қилишди.
Бошсатри “Бобомурод Абдуллаев - хотинини эплай олмайдиган ҳезалак”, дейилган мақолада улар нафақат менинг ўзимни, балки турмуш ўртоғимни ҳам ҳақорат қилишган, унга ҳам туҳмат қилишган.
Шу сабабдан мен Муҳаммад Солиҳ мавзусига яна бир кўрсатув ажратишни ният қилдим. “Факт ва Фикр” кўрсатувларининг келаси Махсус сонида фактлар асосида Муҳаммад Солиҳнинг психологик портретини чизиб беришга ҳаракат қиламан.
Ваъда бераман, иншааллоҳ, навбатдаги кўрсатувда ҳам мен Муҳаммад Солиҳнинг на ўзини ва на яқинларини ҳақорат қилмайман, уларга туҳмат ҳам қилмайман. Яъни мен улар тушган тубанликка тушмайман, иншааллоҳ.
Иншааллоҳ, ана шу кўрсатув “Факт ва Фикр”нинг Муҳаммад Солиҳга бағишланган сўнгги кўрсатуви бўлади.
“Факт ва Фикр”нинг навбатдаги сонида кўришгунча омон бўлинг!
Фактларни ўрганинг ва фикр қилинг!
Бобомурод Абдулла
2021 йил 21 май