Рет қаралды 23,620
Озодликка мурожаат қилган Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари¸ айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар¸ айни кунларда Жиноят кодексининг 168-моддаси - фирибгарлик бўйича тушган аризаларни расмийлаштириш тўхтатилганини билдирди.
Улар таъкидича¸ бу жараëн жиноятчилик бўйича статистикани камайтириш мақсадида қилинмоқда.
Айни пайтда¸ профилактика инспекторлари аҳолини маъмурий қонунчиликни бузганликда айблаб¸ уларни жаримага тортиш бўйича махсус план берилгани ва уларнинг ойлик олиш-олмаслиги ана шу планнинг бажарилишига қарам бўлиб қолганини билдирди.
Бу маълумот ва шикоятлар юзасидан ИИВ Матбуот хизматидан муносабат олишнинг имкони бўлмади - вазирлик расмий сайтида мазкур хизмат учун берилган телефон рақамларига 6 май куни ҳеч ким жавоб бермади.
Фирибгарлик Ўзбекистонда жиноят бўлмай қолди...ми?
Озодликка мурожаат қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари ўзларининг Тошкент шаҳар¸ қолаверса¸ айрим вилоятларда профилактика инспектори бўлиб ишлашларини билдирди.
Ишдан ҳайдалиш ва раҳбарият қаҳрига учраш таҳдиди боис¸ улар шахслари очиқланмаслигини сўради.
Озодликка бир-биридан мустақил равишда гапирган бу расмийларга кўра¸ президентга жиноятчиликни камайтирдик¸ деб ҳисоб беришни мақсад қилган жорий кампания боис ўз ҳудудларида Жиноят кодексининг 168-моддаси - фирибгарлик бўйича тушаëтган аризаларни қабул қилиш ва улар асосида жиноят иши қўзғатиш деярли тўхтатилган.