Рет қаралды 18,043
Савол: Ассалому алейкум! Биласизми, биз турмуш ўртоғим билан 4 йил аввал 6000 АҚШ долларида, нотариал расмийлаштиришларсиз бир одамга қарз берган эдик. У бизга пулингизни кўпайтириб бераман деб алдаб пулни олган. Унга ишониб уйимизни сотганмиз, ҳозир квартирада ижарага яшаяпмиз. Фақат тилхат бор, илтимос маслаҳат беринг нима қилсак бўлади?
Жавоб: Бу ҳолатда агар далилларингиз ишончли бўлса, фуқаролик суди орқали қарзни ундириб олса бўлади. Лекин даъво муддатини ўтганлик ҳолатини текшириш лозим.
Тилхат - агарда у талабларга жавоб берадиган даражада тузилган бўлса, оддий ёзма шаклдаги шартнома ҳисобланади. Бунда тилхатда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлар:
- Тилхат тузилган вақт;
- Қарз олувчининг тўлиқ исми шарифи (паспорт маълумотлари кўрсатилгани яхшироқ);
- Қарз берувчининг тўлиқ исми шарифи (паспорт маълумотлари кўрсатилгани яхшироқ);
- Қарз олинаётган пулнинг миқдори ва валютаси (сон билан ва сўзда ёзилган бўлиши керак);
- Қарзни қайтариш усули ва муддати (агар нима мақсадда олинаётганлиги ёзилса унданам яхши);
- Тарафларнинг имзоси ва имзо қўйилган сана;
- Агар гувоҳлар кўрсатилса ва уларни ҳам исми шарифи ёзилиб, имзо қўйилса жуда ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек, уни Сиздан қарз олиш мақсад ва мотивига эътибор қаратилиши керак, олдиндан пулизни кўпайтириб бериш ёки бошқача турдаги сизга фойда олиб келадиган ҳолатларни ваъда бериши фирибгарлик жинояти аломатларини ҳам бериши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 41-боби:
41-боб. Қарз ва кредит
1-§. Қарз
732-модда. Қарз шартномаси
Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
733-модда. Қарз шартномасининг шакли
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
109-модда. Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик оқибатлари
Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг:
149-модда. Даъво муддати тушунчаси
Даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.
150-модда. Умумий даъво муддати
Умумий даъво муддати - уч йил.
153-модда. Даъво муддатини қўллаш
Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.
Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.
Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
154-модда(Даъво муддатининг ўта бошлаши)нинг биринчи қисми:
Даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.
157-модда. Даъво муддати ўтишининг узилиши
Даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.
Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса - янги муддатга қўшилмайди.
Ҳавола: lex.uz/docs/111189
Сизга қўлланма (шпаргалка):
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.09.1999 йилдаги 16-сонли Қарори,
ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИНИ ТАТБИҚ ҚИЛИШДА СУД АМАЛИЁТИДА ВУЖУДГА КЕЛАДИГАН АЙРИМ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА
Ҳавола: lex.uz/docs/1448773
Саволларга адвокат Нурматов Аъзам жавоб бермоқда.
Сиз ўзингизни қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича қуйидаги ҳавола ва телеграм бот орқали бемалол мурожаат қилишингиз мумкин:
Telegram-bot: t.me/Legalteam_uz_bot
Э-почта: info@legalteam.uz
Бизнинг каналлар:
Instagram: / legalteam_uz
Telegram: t.me/legalteamuz
Facebook: / legalteamuz
TikTok: / advokat_nurmatov