Рет қаралды 44,823
Аллоҳ таоло гуноҳи кабиралардан четланган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юборишини, сўнг уни жаннатга киргизишини хабар қилади:
إِن تَجْتَنِبُوا كَبَائِرَ مَا تُنْهَوْنَ عَنْهُ نُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَنُدْخِلْكُم مُّدْخَلًا كَرِيمًا
«Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангизлар, қилган (кичик) гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил - жаннатга киритурмиз» (Нисо сураси, 31).
«Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса (сабр қилиб) кечириб юборадиган зотлардир» (Шўро сураси, 37).
«Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта, Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир...» (Ван-нажм сураси, 32).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Модомики, банда катта гуноҳлардан четланар экан, беш вақт намоз, жума кейинги жумагача ва рамазон кейинги рамазонгача бўлган кичик гуноҳларга каффоратдир» (Муслим ва Термизий ривояти).
Демак, қайси гуноҳлар кабира эканини билиб олишимиз жуда ҳам муҳим. Токи улардан четланайлик ва Раббимиз раҳматига мушарраф бўлайлик.
Баъзи уламолар гуноҳи кабираларни еттита, деганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифини ҳужжат қилганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганида, «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, судхўрлик, душмандан ортга чекиниш, бузуқ хаёл билан покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилиш», дея жавоб берганлар (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Гуноҳи кабиралар еттитадан кўра, етмиштага яқинроқ», деганлар. Юқоридаги ҳадисда эса, гуноҳи кабиралар сони еттита эмас, балки мазкур еттита амал гуноҳи кабиралардан экани баён қилинган, холос.
Хулоса қиладиган бўлсак, кимда-ким одам ўлдириш, зино, ўғирлик каби дунёда ҳад жорий қилинган, охиратда азобланиши ёки ғазабга учраши ҳақида таҳдид солинган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан лаънатланган ёки «иймонсиздир», «биздан эмас», «биз ундан покмиз (бошқа-бошқамиз)» каби жумлалар билан сифатланган бирор амални қилса, у гуноҳи кабира содир этган бўлади.
#gunohikabiralar #azob #jahannam