Рет қаралды 467,452
[mp3] форматида юклаб олиш учун [1.4 mb] - yadi.sk/d/fKiPn90z3SqpDh
Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етгандан кейин, унда абадий қолади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби эътиқодича, бу икки нарса моддий бўлиб, улардаги нарсалар ҳам руҳга, ҳам жисмга оиддир. Улардаги неъматлар ва азоблар ҳам жисмга, ҳам руҳга бериладир. Жаннат ва дўзах абадий турадиган нарсалардир. Уларга тушган кишиларнинг қолиши ҳам абадий бўлади. Фақат баъзи осий мўминлар ўз қилмишларига яраша жазони ўтаганларидан кейин, дўзахдан жаннатга чиқариладилар.
«Ақидатут Тоҳовия»да бу ҳақда: «Жаннат ва дўзах - иккилари халқ қилингандирлар. Улар абадийдир, йўқ бўлмаслар. Бас, Аллоҳ жаннат ва дўзахни халойиқдан олдин халқ қилгандир», дейилган.
«У (жаннат) тақводорлар учун тайёрлангандир» (Оли Имрон: 133).
«У (жаннат) Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрлангандир» (Ҳадид: 21).
«Ва жаннат тақводорларга узоқда қилинмасдан, яқин келтирилди» (Қоф: 31).
«Батаҳқиқ, Уни бошқа тушишда кўрди. Сидратул мунтаҳанинг олдида. Унинг олдида жаннатул маъво бордир» (Нажм: 13-15).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўнгра Жаброил мен билан юриб бориб, Сидратул мунтаҳага етди. Бас, уни мен билмаган ранглар ўраб олди. Сўнгра жаннатга кирдим, қарасам, унинг остонаси луълудан, тупроғи эса мискдан экан», деганлар