Рет қаралды 594,147
Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратлар Орол денгизининг 90% юзаси буткул қуриб, улкан саҳрога айланганини кўрсатади.
Энди минтақадаги Қизилқум ва Қорақум ёнида яна бир саҳро - Оролқум пайдо бўлди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Оролқум оддий саҳро эмас, у - пахтазорлардан чиққан заҳарли пестицидлар ҳамда ўғитларга бой саҳро.
Дунёнинг қуруқликдаги тўртинчи улкан денгизи қуриб, унинг ўрнида пайдо бўлган саҳрони бугун шоирона тилда "Ер сайёраси юзидаги заҳарли жароҳатнинг тузалмас чандиғи", деб аташади.
Советлар Ўзбекистонни "оқ олтин" ва "миллий бойлик" деб аталган, аслида, ўзбекнинг фожеаси бўлган пахта майдонига айлантирдилар.
Сувталаб пахта учун Аму ва Сир сувлари бурилди. Шу тахлит, одамзод ўз қўли билан ўз тарихидаги энг йирик экологик фожеасини яратди.
Айрим мутахассисларга кўра, Орол қуришида аввало Совет пахта сиёсати ва кейинроқ ана шу пахта сиёсатининг давом эттирилиши сабабчидир.
Қозоғистон сўнгги йиллари ўз ҳудудидаги мўъжазгина кўл - Кичик Оролни қутқармоқда. Лекин бу асил Оролнинг бор-йўғи 5% деган гап.
Айрим мутахассисларга кўра, Ўзбекистон, аксинча, пахта ва қуриган денгиз тубидан топилган бойликлар боис Оролни сақлаб қолиш йўлида етарли ҳаракат қилмаган.
Лекин Ўзбекистон томонидаги денгиз шунчалик улканки, уни қутқариш у ёқда турсин, ҳатто мавжуд экотизимни сақлаб қолиш ва инсонлар ҳаётини бироз изга солиш учун камида 8 миллиард доллар маблағ керак.
Ўзбекнинг йўқолган Катта Ороли Қозоғистондаги Кичик Оролдан қарийб йигирма маротаба катта ва уни қутқариш осон иш эмас.
Би-би-си Ўзбек Хизмати ходими Рустам Қобил Жаҳон хизмати билан биргаликда "Денгизини йўқотган халқ" номли махсус мультимедиа лойиҳасини тайёрлаган.
Айни лойиҳа доирасида тайёрланган илк видеолавҳани томоша қилинг.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02
Муаллиф ва мухбир: Рустам Қобил.
Телепродюсер: Элиз Уикер.
Радиопродюсер: Нейл Тривитик.
Тасвирчилар: Томас Ҳаннен ва Чарли Ньюланд.
Тадқиқотчи: Шодиёр Сайф.
Лавҳада Қозоғистон Давлат Архиви тасвирларидан фойдаланилган.