Рет қаралды 146,148
Наманганлик Фатхулла Орзиев ота-боболарининг азалий касби бўлмиш чўпонлик билан шуғулланади.
20 ёшли Фатхулла яшайдиган Чуст туманидаги Янгиер қишлоғи аҳлининг даромади асосан чорвачиликдан келади.
Қишлоқ аҳли, қариндош уруғлару қўни-қўшнилар орасида навбатма-навбат қўй ва эчкиларни боқиш удуми асрлар оша сақланиб қолган.
Фатхулла мол боқишни яхши кўради, лекин унинг орзуси олий маълумотли бўлиб, қишлоғи манфаатига хизмат қилиш.
"Қишлоғимизни сой ажратиб туради. Баҳорда сел келганда одамлар қабристонга ўтолмай қолади. Худо хоҳласа, катта одам бўлиб бойвачча бўлиб кетганимда, шу қишлоғимга битта кўприк қуриб бериш ниятим бор", - дейди у.
Фатхулла университетга ўтган йили кира олмади, аммо бу йил яна ҳужжатларини топширган.
Чўпонликка келганда, Фатхулла бу удумнинг устаси - анча-мунча чўпон чиқа олмайдиган Сарсонтепа тоғларига югуриб чиқиб, қўйларини боқади.
Сарсонтепа сирли жой.
Унинг чўққилари бир-бирига ўхшашлиги сабаб бу тоғларни билмаган инсон у ерга чиқса, адашиб сарсон бўлган ҳоллар кўп бўлган.
Лавҳа муаллифи - Умида Қўшоқова. Тасвирчи - Ҳусниддин Ҳамидов.