Рет қаралды 6,965
Тожикистон жанубидаги Қўрғонтепа шаҳри ҳокимияти асли қўрғонтепалик футболчи Ахтам Ҳамроқулов ўз шаҳри командасига қарши ўйинга тушиб¸ иккита гол ургани учун ундан ўзига хос ўч олди -- ўйин тугаши билан унинг Қўрғонтепадаги уйи электр ва сув таъминотидан узиб қўйилди.
Ҳозирда футбол бўйича Тожикистон миллий жамоаси ҳужумчиси¸ Регар-ТадАз клуби ўйинчиси Ахтам Ҳамроқулов тожикистонлик футбол ишқибозларига яхши таниш.
Аввалига Қўрғонтепанинг Вахш клубида ўйнаган Ҳамроқулов¸ ўз маҳорати ошгач¸ маҳаллий клубни қўйиб¸ каттароқ пул эвазига қўшни Турсунзода шаҳар клубига ўтиб кетди.
1 октябр куни Тожикистон биринчилиги доирасида Ҳамроқулов Регар-ТадАз клуби сафида ўз собиқ клуби Вахшга қарши Қўрғонтепа стадионида ўйинга тушди ва ўйин давомида иккита гол уриб¸ Вахшнинг мағлубиятини таъминлади.
Унинг ўз маҳаллий клубини шу зайил "шарманда" қилганини Вахш ишқибозларидан кўра ҳам шаҳар ҳокимлиги кечира олмади.
Ҳамроқуловнинг Озодликка айтишича¸ ўйин тугаши билан у икки футболчи дўсти билан ўзи туғилиб ўсган ота уйига бориб¸ ТадАз ғалабасини нишонлаб ўтирган пайтда шаҳар ҳокимияти ва коммунал хизмат расмийлари кириб келган.
Шаҳар электр тармоқлари¸ Водоканал ва Тожикстандарт вакиллари ўз ҳамшаҳарлари дарвозасига иккита гол ургани учун қасос олинишини айтиб¸ электр симларини кесиб¸ ҳисоблагичга муҳр босиб¸ сув берилишини тўхтатиб кетганлар.