Рет қаралды 32,075
Ўзбеклар: Президент йўқ деса ҳам, айтганимизни қиламиз - бу тупроқларда ўзбеклар борлигини бутун дунёга кўрсатамиз. Демократик жамиятда ҳар бир ишнинг уддасидан чиқиш мумкин. Буни ҳам эплаймиз.
Ўзбек тилининг мавқеини кўтариб, ҳатто, Ўзбекистон қилмаган ишни қиламиз. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда байрам қилинишига эришамиз.
Бу Ўзбекистонга девор-дармиён қўшни Афғонистондаги ўзбекларнинг режа, мақсад ва истак-хоҳишлари.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Узоқ йиллик урушлар сабаб, аҳолисини расман рўйхатга олиш имконсиз қолаётган эса-да, Афғонистондаги ўзбекларнинг сонлари миллионларга нисбат берилади.
Улар Афғонистон Президентига мурожаат этишмоқчи, миллий тил сифатида мамлакатда илк бор расман Ўзбек тили байрамининг таъсис қилиниши ва нишонланишига эришишмоқчи.
Кўп миллатли Афғонистонда ўзбек тили жорий пайтда учинчи расмий тил ҳисобланади. Мавқеи мамлакат конституциясида расман белгиланган тил бўлади.
Аммо бу иш фақат 2004 йилга келиб, маҳаллий ўзбек зиёлилари ва фаолларининг узоқ йиллик шикоятлари ва танқидлари ортидангина амалга ошган.
"Бунинг фойдаси - халқимиз шу орқали ўз аждодлари билан танишади. Ўз она тилининг миллий кунини билади. Ёшлар ва келажак авлод ўз буюкларини танийди. Бу тупроқларда, бу чегараларда ҳам ўзбеклар ва ўзбек тили борлигини бутун жаҳонга кўрсата оламиз", - дейди ташаббускор фаоллардан бири Каримуллаҳ Уйғоқ.
Куни-кеча Ўзбекистонда Ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги президент даражасида катта тантаналар билан нишонланган.
Шавкат Мирзиёев худди шу сана энди Ўзбекистонда Ўзбек тили байрами куни сифатида байрам қилинишини эълон қилган. Ўзбек тилининг мавқеини кўтариш тўғрисидаги махсус фармонга ҳам имзо чеккан.
Маълум бўлишича, буларнинг барчаси қўшни Афғонистондаги ўзбеклар қолиб, ҳатто, ҳукумати раҳбарини ҳам беэътибор қолдирмаган.
Афғонистон ижроий раисидан тортиб, зиёлилар ва ёшлар ижтимоий мулоқот тармоқларини ўзбекча ёзувдаги постларга тўлдиришган, Ўзбекистондаги мазкур санага ўз ҳурматлари ва қизиқишларини шу тариқа намойиш этишган.
Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош ва ўзбеклар зич яшовчи айрим вилоятларида эса, ёшлар аллақачон махсус плакатлар билан чиқиб, Афғонистонда Ўзбек тили кунинг байрам қилинишига қаратилган кампанияларини ҳам бошлаб юборишган.
Афғонистондаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғуз видеолавҳаси худди ана шу ташаббус ҳақида.
Сиз Афғонистондаги ўзбекларнинг бу режа ва мақсадларига нима дейсиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek