Рет қаралды 592
Дардга чалинганимизда, тезроқ соғайиб, оёққа туришни хоҳлаймиз. Оғриқлардан ҳам қанча эрта халос бўлсак, шунча яхши. Аммо бунинг энг тўғри ечими - антибиотиклар эмас! Айниқса, ўзбошимчалик билан бундай препаратларни қўллаб соғаймоқчи бўлганлар қаттиқ янгилашади!
Хўш, антибактериал препаратларнинг қандай ножўя таъсирлари бор? Улардан фойдаланишда нималарга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим?
Маълумотларга кўра, антибиотикларни нотўғри қўллаш оқибатида дунёда йилига 700 минг киши ҳаётдан кўз юмиши қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг огоҳлантиришича, агар антибактериал воситалардан фойдаланиш тартибга солинмаса, 2050 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин. Шу боис, бундай препаратларни фақат шифокор кўрсатмасига биноан қўллаш шарт.
Қолаверса, куз-қиш мавсумида ўткир респиратор вирусли касалликлар кўпайиши кузатилади. Бундай вазиятда айрим ота-оналар ўзи, яқинлари, айниқса, фарзандлари бетоб бўлиб қолса, иситмаси чиқса, дарров антибиотиклар билан даволашга уринади.
Биринчидан, бундай дорилар вирус эмас, бактерияларга қарши қўлланилишини унутмаслик лозим. Шу билан бирга, бу жуда оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Масалан, ичак дисбактериозини келтириб чиқаради. Баъзилари эса жигарга жиддий зиён етказади.
Бундан ташқари, ушбу воситаларни ноўрин қўллаш оқибатида анафилактик шок, яъни инсон ҳаётига хавф солувчи аллергик реакция юзага келиши хавфи бор. Шу сабабли ота-оналарга шифокор тавсиясисиз фарзандларига антибиотик бермаслик тавсия қилинади.
Шунингдек, дорихонага кириб, бирор препаратни харид қилаётганингизда, фармацевт томонидан унинг муқобили сифатида бошқа дори тавсия қилинса, албатта, шифокор билан маслаҳатлашишингиз зарур. Ёки белгиланган дозага қатъий амал қилиш учун мутахассисдан таркиби ва фаол моддаси бўйича маълумотларни аниқлаштиришингиз талаб этилади.
Агар, хасталигингиз антибиотикларни талаб этса, даволаш самарали бўлиши учун, аввало, бундай дориларга сезувчанликни аниқлаш мақсадида бактериал синама топшириш керак. Ушбу таҳлил натижалари шифокорга зарур препаратни танлашга ёрдам беради.
Белгиланган дозанинг тўғри қабул қилинишига ҳам ҳар доим этиборли бўлиш шарт! Чунки унинг меъёрдан кўпи саломатликка зиён етказса, кам дозаси патоген бактерияларга таъсир қилмаслиги мумкин.
Батафсил:
"Саломатлик сирлари" рукнини кузатиб боринг, ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига эътиборли бўлинг.