Рет қаралды 496
Фотиҳа сураси
Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат
Бу суранинг бир неча номи бўлиб, шулардан бири «Фотиҳа», яъни «очувчи» деганидир. Чунки Қуръони Карим ушбу сура ила очилади. Фотиҳа сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақда бир қанча ривоятлар келтирилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда: Убай ибн Каъб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида «Фотиҳа» сурасини ўқидилар, шунда ҳазрат: «Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот. У Зот билан қасам ичаманки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган», дедилар.
«Фотиҳа» сураси оятларининг тафсирига киришишдан олдин, Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ; оят ва сура сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:
1. «Мўъжиза». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят-мўъжиза берган эканмиз», деган.
2. «Белги-аломат». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир», деган.
3. «Ибрат». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта, бунда оят-ибрат бордир», деган.
4. «Ажойиб иш». Аллоҳ таоло Мўминун сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят-ажойиб иш қилдик», деган.
5. «Бурҳон, далил». Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши, Унинг оят-далилларидандир», деган.
6. «Жамоат». Арабларда, қавм ояти- жамоаси билан чиқди, деган гап бор.
7. Қуръон ояти.
Уламолар истилоҳида эса оят - Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифасидир.
Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ва Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом билган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом, у Зотдан эса мусулмонлар ўрганганлар.
Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Ясин» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.
Энг узун оят эса Бақара сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир. Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши фаҳмлашга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.
Қуръони Каримда оят сўзи кўплаб такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.
«Сура» сўзи луғатда, қўрғон, манзил ва шараф маъноларини англатади.
Уламоларимиз истилоҳида эса сура - Қуръон оятларининг бошланиш ва тугаши белгиланган мустақил тоифасидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон оятларининг қўрғон ила ўралгандек бир тоифасига сура, дейилади.
Қуръони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборатдир.
Бизни интернет тармокларида кузатиб боринг:
Instagram:
/ mufidtv
Telegram:
t.me/mufidtv
KZbin:
bit.ly/2GkED7G