Рет қаралды 10,431
Расмий Москванинг бу хусусдаги хавотирлари Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг тилидан янграган.
“Россия Афғонистонда ИШИД жиҳодчиларининг ҳозирлиги ва таъсири кучайиб бораётганидан ташвишда”, - дея баён қилган Лавров.
У ўзининг бу хусусдаги хавотирларини яқинда Москвада покистонлик ҳамкасби билан бирга берган расмий матбуот анжумани чоғида изҳор этган.
Россия Ташқи ишлар вазирига кўра, ИШИДнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳозирлиги салмоқлидир ва сўз аллақачон минглаб одамлар ҳақида кетмоқда.
Сергей Лавровнинг сўзларидан маълум бўлишича, расмий Москва бу каби ҳолат Афғонистонга бевосита қўшни собиқ Шўро давлатлари ва ўзларига солаётган таҳдиддан хавотирда.
Биргина ўтган бир неча ҳафтанинг ўзида ИШИД ва Толибон Афғонистоннинг турли бурчакларида бир нечта қонли ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан.
Расмий Москва эса, “иш бермаётганлиги” мазмунида Вашингтоннинг Афғонистонга оид стратегиясини давомий равишда танқид қилиб келади.
Сўнгги йилларда Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият юзасидан ҳам ўзининг жиддий хавотирларини ошкора ва расман баён қилиб келади.
Яқинда эса, Россия янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан, афғон можаросига тинчлик йўли билан ечим топиш учун бир неча босқич музокараларга мезбонлик ҳам қилган.
Худди шу маназарада “айнан ИШИД хавфига қарши” Россиянинг Толибон ҳаракати билан яқинлашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам олинганди.
Қолган собиқ Шўро давлатлари билан қиёсланганда эса, ИШИД сафларидаги энг кўп жангарилар айнан россияликлар ҳисобига тўғри келган.
Яқин-яқингача расмий манбаларда Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи сафларида жанг қилаётган Россия фуқароларининг сони 1.500 атрофида экани тахмин этилган.
Расмий Москванинг сўнгги хавотирлари эса, ИШИД жангари гуруҳи Яқин Шарқда деярли тор-мор қилинганига оид хабарлар манзарасида янграмоқда.
Аммо Россиянинг бу каби такрорий хавотирларини расмий Москванинг мустамлакачилик амбициялари билан боғлаб шарҳлаётган таҳлилчилар ҳам озмунча эмас.
Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.