Рет қаралды 4,507
"Тарихий савол" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Ғазнавийларнинг сиёсий куч сифатида юзага келганини ва юксалиши масаласида ҳам биз совет тарихшунослигидаги мавжуд баъзи бир қарашларни қабул қила олмаймиз. Чунки илгари ғазнавийларни (демак, уларнинг чамонини ҳам), асосан, салбий томондан кўрсатишга интилиб келинган, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, бу сулола асос топтан Ғазна вилояти «исёнкор турк лашкарбошилари»га бойлик орттириш учун кулай жой сифатида шарҳланиб, ўз-ўзидан шу ерда кучга кирган ва мазкур шаҳар (вилоят) номила танилган ғазнавийлар сулоласи тарихи ҳам гўё худди шундай мақсад йўлида юзага келган ва фаолият кўрсатгандай баён этилган. Аслида эса тарихий воқелик сабаблари бир нечта.
Биринчидан, Исмоил Сомонийдан кейин сомонийлар орасидан ҳар жиҳатдан етук, юқори даражада сиёсат юргиза оладиган арбоб етишиб чиққани йўқ. Бунинг оқибатида сомонийлар ўз ички, яъни сулолавий имкониятларидан кўра кўпроқ мавжуд сиёсий муҳит қонун-қоидаларига боғлиқ бўлиб қолганлар. Сиёсий муҳитни эса бу вақтда нуфузли лашкарбошиларсиз тасаввур қилиб бўлмасди. Ғазна вилоятидаги кучлар сиёсий фаоллигининг ошиши ва бориб-бориб алоҳида бир сулола даражасига кўтарилиши ҳам худди шундай йирик лашкарбошилар номи билан боғлиқ бўлганини биз қуйида яққол кўрамиз.
Иккинчидан, Туркистон минтақасида сиёсий тараққиётнинг ўзига хос томонларидан бири - бу даврда худди маданий ҳаётдаги каби бир қатор ўзига яраша кучли давлат арбобларининг, сиёсий сулолаларнинг юзага чиқишидир. Гап шундай ҳолнинг яхши-ёмонлигида эмас, оқибатларидан қатьи назар, шундай вазият содир бўлган ва бу билиб қўйилса ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Ғазнавийлар сулоласи қандайдир «ўлжапарастлик» кетидан эмас, балки минтақада кечган ижтимоий-сиёсий муносабатлар муҳитида юзага келганлигига доир гувоҳликлар манбаларда етарли даражада топилади. Юқорида биз сомонийлар саройида йирик лашкарбошилар тутган мавқе ҳақида айтиб ўтгандик. 961 йили сомоний ҳукмдор Абдумалик ўлимидан сўнг вазирлар тахтга марҳумнинг ўғлини ўтқазадилар. Бунга, манба тили билан айтганда, «Сомонийлар хонадони учун мақтовга лойиқ хизматлар қилиб келган ҳамда ноиблик ва лашкарбошилик йўлини тутган» Алптегин қаршилик қилади. Шу тариқа давлат арконлари ва Алптегин ўртасидаги мухолифлик кучайиб авжига чиқади. Лашкарбоши Бухорони тарк этади. Ҳатто шундан кейин ҳам зиддиятлар тугамай, охирида Алптегин ва Бухоро кўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлиб, бухоролик лашкар мағлубиятга учрайди. Сомонийлар хонадони ва Мовароуннаҳр билан алоқани узган Алптегин Ғазна вилоятида ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Унинг вафотидан (963) сўнг Ғазнада навбати билан Амир Исҳоқ ибн Алптегин, Амир Билгатегин, Амир Пирий, Амир Сабуктегинлар ҳукмронлик қиладилар. Ғазнавийлар сиёсий сулоласига асос солган ҳам аслида ана шу Сабуктегин бўлади. Шу билан бирга Ғазнанинг минтақа сиёсий марказларидан бирига айланишида биринчи салмоқли қадамни Алптегин қўйганини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Зикр қилинганидек, Алптегин сомонийлар билан алоқани узган бўлишига қарамай, сомонийлар Ғазнада мужассамлашган ва қулоч ёйиб бораётган сиёсий-ҳарбий кучга доимо эҳтиёж сезиб келганлар. Бунинг яққол исботини Сабуктегин ва сомоний Нух III (976-997) ўртасида Кеш атрофида бўлиб ўтган учрашув (бунда Сабуктегин Нухни қўллаб-қувватлаши ҳақида ваъда берган), ё бўлмаса 994 йили сомонийларнинг энг ашаддий душманларидан Абу Али Симжурийнинг тор-мор этилишида Сабуктегин тутган асосий ўрин орқали кўриш мумкин. Сабуктегиннинг обрў-эътибори сўнгта йилларда шу даражада юқори бўлганки, у «дину давлат ҳимоячиси (Носир ад-дин ва ад-давла)» фахрий унвони билан машҳур эди.
Ғазнавийларнинг ҳам расман, ҳам амалан сиёсий куч сифатида тан олиниши 996 йилга тўғри келади. Юқорида кўриб чиқилганидек, қорахонийлар бир неча марта Бухорога таҳдид соладилар. Тилга олинган йили эса Сабуктегин сомонийларни қорахонийлар «чангали»дан сақлаб қолади. Сомоний Нух III рақиб олдидаги заифлигини сезган ҳолда унга мурожаат қилади. Сабуктегин эса Бухорони қўлга олиб, қорахонийлар билан келишувга имзо чекади. Бунга кўра Амударёдан жанубда жойлашган барча вилоятлар Сабуктегиннинг номига муҳрланади. Унинг вафотидан (997) кейин аввалига тахтга бир оз муддат унинг ўғли Исмоил ва 998 йилдан эса бошқа фарзанди Маҳмуд чиқади. Ғазнавийлар қудрати ва шуҳратини оширган ҳукмдор ҳам аслида ана шу Маҳмуд хисобланади. Чунончи, унинг ҳукмронлиги даврида (998-1030) Хоразм, Хуросон, Сейистон, Кобул, Ғазна, Шимолий Ҳиндистон каби вилоятлар ва маконлар ғазнавийлар измида бўлган. Маҳмуднинг ўлимидан сўнг тахтга унинг ўғли Муҳаммад ўтиради, ваҳоланки, ундан катта ўғли (Масъуд) ҳам бор эди. Ўша замонда ёзилган манбалар шарҳига кўра, Маҳмуд тахтни кичик ўғли Муҳаммадга васият қилиш билан бирга, унга «Аканг Масъуд билан қарама-қаршиликка борма, агар у сенга карши чиқса, урушиб юрма, (бекор) нобуд бўласан», деган. Ҳақиқатан ҳам тез орада Масъуд ва Муҳаммад ўртасида мухолифат юзага келади. Масъуднинг Муҳаммаддан устун бўлганлигини замондош тарихчилар ҳам тан оладилар. Хуллас, шу йилнинг ўзидаёқ Масъуд тахтни эгаллайди.